Физик-электроника бўйича саккизинчи IPEC-8 Халқаро конференцияси ўтказилди

25 сентябрь 2021

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги 78-Ф Фармойишига мувофиқ 2021 йилнинг 23-24 сентябр кунлари Тошкентда ЎзР ФА У.А.Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида хорижий олимлар иштирокида “Физик-электроника бўйича саккизинчи IPEC-8” халқаро конференция ўтказилди. Конференцияда республикамизнинг турли ОЎЮ ва илмий тадқиқот институтлари ҳамда хорижий давлатлардан жами 250 дан ортиқ мутахассилар онлайн тарзда иштирок этишди.

Конференцияда физик электроника, лазер физикаси, материалларни олиш ва модификациялашнинг ион-дастали ва плазмали технологияси, қуёш энергияси ва электроника учун янги технологиялар ва материаллар, фотониканинг долзарб муаммолари, шунингдек наноматериаллар физикаси ва технологияси масалалари муҳокама қилинди.

Конференция дастурий қўмитаси томонидан физиканинг ушбу соҳасидаги фундаментал ва амалий йўналишлари бўйича 122 та маъруза танлаб олинди.

Конференция давомида 7 та шўъба йўналишлари бўйича 25 та умумий ва оригинал оғзаки маърузалар ҳамда Ўзбекистон, МДҲ давлатлари ва узоқ хориж Хитой, Белгия ва Бразилия каби илмий муассасаларнинг 97 та стендовий маърузалари тингланди.

Анжуманда тақдим этилган ишлар таҳлили шуни кўрсатдики, адсорбция, электрон ва ион эмиссия, заррачаларнинг қаттиқ сирт билан ўзаро таъсири масалалари бўйича фундаментал тадқиқотларнинг янада ривожланишининг энг муҳим вазифларидан бири молекуляр, нейтрал ва кластер заррачаларининг сирт билан ўзаро таъсири қонунларни чуқур ўрганишдир. Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим муаммолари - қуёш энергетикаси ва электроникаси учун янги материалларни олиш технологиялари билан боғлиқ энг янги илғор илмий ишлар тақдим этилди. Бу йўналишда янги материаллар самарадорлигини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш ва арзонроқ технологиялар ва материалларни ишлаб чиқиш, шунингдек, органик қуёш батареяларини олиш учун фундаментал ва амалий тадқиқотларни кенгайтириш кераклиги қайд этилди. Физиканинг долзарб соҳаларидан бири – бу наноматериаллар технологиясидир. Бу соҳада наноматериаллар ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳолати, янги технологиялар ва наноматериаллар физикасини ишлаб чиқиш, шунингдек углеродли нанотрубкалар синтезини комьпютерда моделлаштириш ва уларнинг физик-кимёвий хусусиятларини аниқлаш кенг муҳокама қилинди. Шунга қарамай, наноматериалларнинг хусусиятларини ўрганишга янги, оддий технологиялар ва синтез усулларини ишлаб чиқишга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Лазер нурланишининг жисм ва лазер технологиялари билан ўзаро таъсири соҳасида сўнгги йилларда бажарилган оригинал ишлар тақдим этилди. Бу соҳадаги долзарб соҳалардан бири қуёш энергиясини лазер нури энергиясига айлантириш эканлиги санаб ўтилди. Қабул қилинган натижаларни амалда қўллаш учун бу соҳага кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Конференция дастури ва маърузалар тезислари тўплами чоп этилди.

ФОТО: